Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонасида медиаҳамжамият вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси биносида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида блогерлар, медиаҳамжамият вакиллари ва БААда истиқомат қилувчи ўзбек диаспораси фаоллари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда «Abudhabitiming» журналининг бош муҳаррири Али Гейдар Ризаев, "Miss Europe Touris" совриндори Ленка Йозефиова, украиналик блогер Игорь Сергеев, “Mr. Dubai 2019” совриндори Маъруф Азимов, Нилуфар Юлдашева ва Ширин Ван Дорт иштирок этишди. Ўзбекистон Республикасининг Дубайдаги Бош консули Алишер Саломов йиғилганларни қутлаб, сўз бошида Ўзбекистоннинг буюк тарихи, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, мамлакатимиз раҳбарияти бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлади. У блогерларни Ўзбекистондаги ҳодисаларни янада батафсил ёритишга чорлаб, БААдаги хорижий ёшларни Ўзбекистон Республикасининг тарихий ва маданий мероси, ютуқлари ва очиқ сиёсати тўғрисида хабардор қилиш, бунинг учун эса эътиборни ахборот билан тезкор бўлишиш ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали имкон қадар кўпроқ аҳолини қамраб олишга қаратишга чақирди. Алишер Саломов, Президент Мирзиёев 2019 йил август ойида блогерлар билан учрашувда таъкидлагани каби, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритишда Ўзбекистон халқининг маданияти ва тарихий меросини тарғиб қилишда блогерларнинг ўрни муҳим эканини қайд этди. Учрашув давомида блогерлар ўз реномелари ҳақида икки оғиз сўзлаб, Дубайга қандай келганликлари, қанча вақтдан бери медиа соҳасида фаолият юритиб келаётганликлари ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, улар ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон тарғиботи бўйича ўзларининг фикр ва ғоялари билан бўлишишди. Ватандош блогерлардан бири, fashion-дизайнер, «gulnarbaravia» модалар уйи эгаси Гульнара Мухединова (gulnarbaravia), ўз оиласидаги маданий анъаналар ҳақида ҳамда дам олиш жойини танлаш нуқтаи назаридан меҳнат таътиллари вақтида унинг фарзандлари Ўзбекистонни танлаб, уни бошқа тропик мамлакатлардан афзал кўриши ва ҳақиқатан ҳам бизнинг диёримизни “ер юзидаги жаннат” деб ҳисоблаши ҳақида гапирди. Бош консул барча блогерларга дўстона муносабат ва Ўзбекистонни нафақат БАА аҳолисига, балки кенг жаҳон аудиториясига тарғиб этишга тайёр эканликлари учун самимий миннатдорчилик билдирди. Учрашув дўстона ва ишончли руҳда ўтиб, унинг сўнгида барча иштирокчилар эсдалик учун бирга суратга тушишди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу тадбирни ташкиллаштирганлиги учун Дубайдаги Бош консуллик вакиллари, шунингдек Маъруф Азимовга алоҳида миннатдорчилик билдиради.