БМТда Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган виртуал байрам бўлиб ўтди.
НЬЮ-ЙОРК, 15 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан виртуал тантанали тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
БМТ, унинг ихтисослаштирилган муассасаларининг 180 нафарга яқин раҳбар ва экспертлари, шунингдек, хорижий давлатлар элчилари қатнашган онлайн-тадбирда БМТ Бош Ассамблеянинг 74-сессияси раиси Тижани Муҳаммад-Банде, БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ва бошқа дипломатлар сўзга чиқди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз видеомурожаатида мамлакатимиз тараққиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичига қатъий қадам қўйганини қайд этди.
Таъкидланганидек, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш жараёнида давлатнинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.
Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ишончли алоқалари жадал кенгаяётгани ва мустаҳкамланаётгани, шунингдек, Европа Иттифоқи билан кўп қиррали мулоқот ва ҳамкорлик, БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги серқирра фаолият изчил ривожлантирилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон биринчи марта 2021-2023 йиллар давомида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига ўз номзодини тақдим этгани таъкидланди ва яқинлашиб келаётган сайловларда чет эллик шериклар мамлакатимизни кенг қўллаб-қувватлашига умид билдирилди.
БМТ Бош Ассамблеянинг 74-сессияси раиси Тижани Муҳаммад-Банде мамлакатимиз раҳбарияти ва халқига мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан самимий табрик изҳор қилди.
У БМТ ва Ўзбекистон ўртасида глобал тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги яқин ҳамкорликни юқори баҳолади. Мамлакатимизнинг Марказий Осиё ва ундан ташқарида барқарорлик ҳамда тараққиётни таъминлашда ишончли шерик сифатидаги муҳим ролини таъкидлади.
БМТ Бош Ассамблеяси раиси Ўзбекистон раҳбариятининг нафақат мамлакат ичида аҳоли фаровонлигини ошириш, балки бутун Марказий Осиё бўйлаб ушбу мақсадларни фаол тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. У БМТ билан Ўзбекистон ўртасида, хусусан, Бош Ассамблея доирасидаги доимий конструктив ҳамкорликка умид билдирди.
- Ўзбекистон сўнгги йилларда изчил ислоҳотлар йўлидаги қатъияти ва ташқи дунёга очиқлиги билан изчил ривож топди, - деди БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча. - Бу Марказий Осиё минтақасига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Тошкентнинг муҳим роли туфайли минтақада юқори даражадаги ишонч руҳи ҳукмронлик қилмоқда. Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайиб, унда Афғонистон ҳам қамраб олинди.
Мирослав Енча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришларни, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қарорлар қабул қилишда ёшлар иштирокини рағбатлантириш, хориждаги жангарилар сафига қўшилиб қолганларнинг оилаларини Ватанга қайтариш, уларни жамиятда мослашувини таъминлаш бўйича эришилган улкан натижаларни мамнуният билан қайд этди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда минтақадаги бошқа давлатлар томонидан ҳам шундай ҳаракатлар амалга оширила бошланди.
БМТ Бош котиби ёрдамчиси Ўзбекистон бугунги синовли жараёнлар, хусусан, пандемия шароитида ҳам "ислоҳотлар йўлидаги саъй-ҳаракатларини қатъият билан давом эттириши ва “Учинчи Реннесанс" сари олға интилиши”га ишонч билдирди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ташкилотнинг мамлакатимиздаги жамоаси номидан Мустақиллик байрами муносабати куни самимий қутлов изҳор қилди.
У республиканинг кўп қиррали ҳамкорликка содиқлигини таъкидлади. Ўзбекистон билан БМТ ўртасида барча даражадаги мулоқотнинг фаол давом этаётгани ушбу фикрга ёрқин мисолдир. Ҳ.Фрейзер мамлакатимиз раҳбариятига COVID-19га қарши курашиш ва инқироздан кейинги тикланишда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий-иқтисодий йўналишда изчил чора-тадбирлар кўришдаги шериклик учун миннатдорлик билдирди. Бу эса инсонлар манфаатига йўналтирилган фаол, аниқ манзилли чора-тадбирлар кўриш, барқарор, экологик ва инклюзив тикланишни таъминлаш учун қулай муҳит яратди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили сўнгги йилларда гендер тенглигига эришиш, оиладаги зўравонлик, балоғат ёшига етмаганлар никоҳи ва одам савдосига қарши курашиш, ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига қаратилган қонунлар қабул қилинишини юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг асосий меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйишда сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади.
Тадбир доирасида Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Афғонистон, Баҳрайн, Бенин, Буюк Британия, Венгрия, Миср, Иордания, Эрон, Қатар, Хитой, Латвия, Мўғулистон, Ўмон, Покистон, Парагвай, Сенегал, Туркия, Экваториал Гвинея каби 20 дан ортиқ давлат вакиллари ва бошқалар байрам муносабати билан табрик йўллади.
Улар сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳот ва ўзгаришлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлашда эришилган муҳим ютуқлар ҳамда тараққиётни юқори баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ доирасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт соҳасидаги фаоллиги ортиб бораётганини олқишлади. Тошкент томонидан олиб борилаётган конструктив ва очиқ ташқи сиёсат минтақада ўзаро манфаатли ва ишончли муносабатларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётгани алоҳида қайд этилди. Делегациялар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Байрам иштирокчиларига Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган Ўзбекистон ҳақидаги видеофильм намойиш этилди.
«Ўзбекконцерт» кўмаги билан «Ялла» ансамбли ва "Тошкент зеболари" рақс гуруҳининг «Туркистон» санъат саройидаги байрам дастури жонли эфирда намойиш этилди.
Ушбу тадбир ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.