Ўзбекистан транспорт йўналишида “беркликдан” чиқиш йўлини таклиф қилмоқда
Марказий Осиё минтақасининг икки йирик муҳим – «Шимол-Жануб»
ва «Шарқ-Ғарб» савдо йўллари чорраҳасида жойлашганлиги минтақавий транспорт тизимининг жозибадорлигини ошишига хизмат қилади.
Давлатлараро низолар ва иқтисодий санкциялар туфайли халқаро транспорт коридорларини диверсификациялаш билан боғлиқ тенденциялар ҳам минтақа давлатлари учун транзит ташувлари соҳасида янги имкониятларни очмоқда. Хусусан, Европа ва Осиё мамлакатлари ўз юкларини тарихдан кенг фойдаланиб келинган Буюк Ипак йўллари орқали юборишга ҳаракат қилишмоқда. Воқеаларнинг бундай ривожи тўғридан-тўғри денгиз портларига чиқиш имкониятига эга бўлмаган Марказий Осиё минтақаси транспорт оқими инфратузилмасини ўзгаришига олиб келмоқда.
Бунинг натижасида 2023 йилда Марказий Осиё юк ташувлари бозоридаги ижобий тенденцияларга эришилди ва бу халқаро ташувлар тармоғида минтақа давлатларининг транзит аҳамиятини ортиши билан боғлиқ.
Ўз навбатида айтиш жоизки, транспорт йўналишида “берк давлат” мақоми минтақа давлатларининг иқтисодиёти ривожига жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ушбу масалада Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида Марказий Осиё давлатларида юкларни манзилга етказиш учун сарфланаётган харажатлар миқдори товар якуний нархининг 50 фоизигача бўлган қийматини ташкил этаётганлигини таъкидлаган. Мазкур кўрсаткич ўртача дунё кўрсаткичига нисбатан деярли 5 баробар юқори ҳисобланади. «Айни вақтда дунёдаги ўртача кўрсаткич 11 фоиздан ошмайди. Натижада бизларнинг иқтисодиётимиз ривожланган давлатлардагидан кўра 2-3 марта кўп транспорт харажатини кўтаришга мажбур бўлмоқда».
Юқорида қайд этилган салбий ҳолатларни бартараф этиш, шунингдек минтақа транспорт тизими ривожига таъсир кўрсатувчи ижобий омиллардан максимал даражада фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан минтақа транспорт оқими янги архитектурасини шакллантиришга хизмат қилувчи самарали ташаббуслар кўрсатилиб келинмоқда. Ш.Мирзиёев Марказий Осиёни глобал транспорт тизимига ягона ҳудуд сифатида интеграция қилиш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Муҳим воқеа сифатида унинг 2017 йил сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқини келтириш мумкин. Хусусан, Президент Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор йўналиш эканлигини қайд этиб, минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Шундан бери Остона, Тошкент, Бишкек, Аваз, Чўлпон-Ота ва Душанбе шаҳарларида 6 та шу каби йиғилишлар ўтказилди.
2023 йил Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида, “Бизнинг минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бирига айланмоқда, Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда” деган фикрларни билдирган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 2018 йилда Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Марказий Осиё транспорт коридорларининг стратегик истиқболлари муҳокама қилинди.
2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан илгари сурилган БМТ шафелигида Марказий Осиёда Транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича минтақавий марказни яратиш тўғрисидаги ташаббус Ўзбекистон Раҳбариятининг минтақавий ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатининг мантиқий давомидир. Ушбу ташаббус 2021 йилнинг август ойида Туркманистонда бўлиб ўтган маслаҳат кенгашида маъқулланди.
БМТ шаъфелигида бундай Марказнинг ташкил этилиши бир қатор қуйидаги вазифларни ҳал қилишда ёрдам беради: халқаро транспорт коридорларидан самарали фойдаланиш; янги транспорт маршрутларини ривожлантириш; ишончли транзит коридорларини шакллантириш; Марказий Осиё давлатларининг халқаро транспорт хизматлари бозоридаги рақобатбардошлигини яхшилайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо-давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишлари доирасида ҳам ШҲТ иштирокчиларини транспорт соҳасидаги ҳаракатларини уйғунлаштиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2018 йил Циндао (Хитой) шаҳрида ўтказилган ШҲТ аъзо-давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида ШҲТ Халқаро транспорт-логистика ассоциациясини ташкил қилиш таклифи киритилди. Бундан ташқари, Циндао декларацияси билан ШҲТ
аъзо-давлатлар темир йўл маъмурияти раҳбарларининг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.
2019 йил Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига
аъзо-давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Президенти ШҲТнинг Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини шакллантириш бўйича таклиф билдирди. Мазкур ташаббус 2022 йил Тошкентда ўтказилган аъзо-давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида қабул қилинди.
Давлат раҳбарининг ташаббуслари ва таклифлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо-давлатлар томонидан ҳам ижобий қабул қилинмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда. Мисол сифатида ШҲТ темир йўл маъмурияти ҳамкорлиги Концепциясининг тасдиқланганлигини келтириш мумкин.
Юқорида келтирилган ташаббуслар ва таклифларни Президент томонидан белгиланган Марказий Осиё транспорт тизимини ривожлантириш йўналишидаги қуйидаги миллий ва минтақавий манфаатларни амалга ошириш механизми сифатида кўриш мумкин:
- Марказий Осиёни йирик денгиз портлари ҳамда дунё бозори билан боғлашга хизмат қилувчи транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш;
- Жанубий Осиёга чиқувчи трансафғон коридори (“Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон”) лойиҳасини ривожлантириш, ҳамда “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриб ишга тушириш; мазкур коридорларни ўзаро интеграция қилиш орқали йирик бозорларни қисқа мсофада Марказий Осиё орқали боғлаш;
- мамлакат транзит салоҳиятини ва миллий иқтисодиётда транспорт тизими улушини янада ошириш.
Мазкур манфаатларни амалга ошириш учун стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларда кўплаб мақсадли кўрсаткичлар белгиланган, жумладан «Ўзбекистон-2030» Стратегияси, «Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш Стратегияси (лойиҳа)», шунингдек
«2030 йилгача транспорт Стратегияси» (МОМИҲ доирасида қабул қилинган).
Стратегик ҳужжатларга мувофиқ, асосий устуворлик берилаётган жиҳатлардан бири бу – жанубий йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти мазкур йўналишдаги юкларни ташиш вақтини ҳамда ҳаражатларини камайтириш имконияти юқори бўлган “Термиз – Мазари-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўлини қуриш таклифини илгари сурди.
2023 йилнинг июль ойида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон томонидан Трансафғон коридорини қуриш тўғрисидаги келишув имзоланди. Расмий манбаларнинг таъкидлашича, ушбу коридор денгиз йўлларига олиб чиқувчи энг қисқа ва арзон йўлак бўлиши кутилмоқда. Тошкент учун мазкур коридор нафақат иқтисодий, балки геоиқтисодий имкониятларни ҳам яратади. Биринчидан, Термиздан Пешаворгача бўлган ушбу маршрут шиддат билан ривожланаётган Жанубий Осиё давлатлари билан ишончли муносабатларни мустаҳкамлаш имкониятини беради ва бу орқали савдо алоқалари ривожланади, транспорт хизматлари экспорти ортади. Иккинчидан, ушбу коридор дунёнинг йирик мамлакатлари ва катта бозорларни боғлашда кўприк вазифасини бажаради.
Бундан ташқари, ушбу йўналиш халқаро транспорт тизимини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этиб, Европа Иттифоқи, Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Хиндистон, Эрон, Туркия ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларини ўзаро боғлайди.
Жумладан, 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон «Беларуссия – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» халқаро транспорт коридорини яратиш таклифини илгари сурди ва 2023 йилда уни амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди. Экспертларнинг баҳоларига кўра, янги 5532 кмлик мазкур транспорт йўналиши масофани 20 кунда босиб ўтиш имконини беради.
Минтақа давлатлари транспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Президенти томонидан тармоқ вазирлари йиғилиши доирасида Марказий Осиёда транспорт ва транзит тўғрисида Келишув ишлаб чиқилиши
ва унда:
- Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ, Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқувчи ҳамда бизнес учун қулай бўлган ва уйғунлашган тарифларга эга самарали транспорт коридорларини қуришнинг аниқ механизмларини шакллантириш;
- транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш, ташиш рухсатномалари билан боғлиқ процедураларни оптималлаштириш, халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш масаласини ўрганиш бўйича чоралар Дастурини ишлаб чиқиш масалалари бўйича таклифлар киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида дунё бозорларига олиб чиқиш имкониятини берувчи муҳим ҳамкор давлатлар билан алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ишлари бошланди. Мазкур йўлакни “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” лойиҳаси доирасида Марказий Осиёнинг географик жиҳатдан ёпиқ давлатларини халқаро денгиз портларига олиб чиқувчи минтақавий транспорт тармоғининг энг муҳим бўғини бўлиб қоладиган истиқболли коридор сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг давтлабки прогнозига кўра, мазкур коридорнинг ишга туширилиши Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ
ва Жанубий Европагача бўлган масофани 900 кмга, етказиб бериш муддатини
7-8 суткага қисқартиради.
Ўзининг ривожланган транспорт инфратузилмасига эга анъанавий йўлаклар ҳам устувор йўналиш сифатида сақланиб қолмоқда. Жумладан, Марказий Осиёни Яқин Шарқ, Жанубий Осиё, Кавказ ва Европа билан боғлашда Эрон муҳим роль ўйнайди. 2000 йилларда муносабатларда пасайиш кузатилган бўлса, 2017 йилдан сўнг ўзбек-эрон ҳамкорлигида, хусусан қўшма корхоналар сонининг ортишида ва ўзаро савдо айланмаси ҳажмининг ортишида ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Эроннинг Чохбахор порти орқали Хиндистон томонидан бошқариладиган янги логистика марказидан Ўзбекистон ҳам фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди ва у ерда нафақат Эрон билан, балки Хиндистон билан ҳам савдони яхшилашга хизмат қилувчи денгиз терминали ҳамда логистика марказини ташкил қилишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент Эрон ва Туркманистон орқали транзит ташувларни амалга ошириб келади. Мазкур йўналишда янги “Туркия – Эрон – Туркманистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш истиқболли коридорлардан ҳисобланиб, “Осиё Тинч океани мамлакатлари – Европа” халқаро мультимодал коридори билан интеграциялашди ва транскаспий ташувларига муқобил сифатида эътироф этилмоқда.
Умуман, Ўзбекистоннинг устувор йўналишларида минтақа транспорт ривожлантириш алоҳида ўринга эга ва мазкур соҳада ўз олдига катта марраларни қўйган. Жаҳон банкининг прогнозларига кўра, Ўзбекистоннинг транзит юк ўтказиш салоҳияти 2030 йилга бориб 4,4 баробарга ортади, транспорт соҳасига киритилаётган инвестиция ҳажми 46,7 миллиард долларни ташкил этади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Марказий Осиё транспорт коридораларини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар ва ташаббуслар минтақада замонавий ва самарали транспорт тизимини яратишга қаратилган бўлиб, мазкур тизим минтақа давлатларининг иқтисодий интеграциялашувига, хизматлар ва товарлар рақобатбардошлигини ва аҳоли фаровонлигини ортишига олиб келади.
А.А. Зохидов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор