Инсон ресурсини ривожлантириш – “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг устувор вазифаси
Инсон ресурсини ривожлантириш – “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг устувор вазифаси
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида юртимизда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган, ижодий ёндашув ва касбий маҳоратни ривожлантиришга хизмат қиладиган таълим тизимини яратишга қаратилган.
Жумладан, давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган хусусий сектор вакиллари учун банк кредитлари бўйича биноларни гаровга қўйиш ҳуқуқларининг берилиши ва кўп қаватли уйларда ёки шахсий уй жойларда мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш имкониятларининг яратилиши мактабгача таълим муассасалари сонининг 33942 тага етишига ва 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг 74,0 фоизга ошишига ижобий таъсир кўрсатди.
Таълим соҳасидаги муҳим жиҳатлардан яна бири бу - умумий ўрта таълимни ривожлантириш учун хусусий секторни жалб қилишдир. Мазкур масалага мисол сифатида 2023 йилда “E-auksion” электрон савдолари орқали 4,79 гектар ер майдони нодавлат умумтаълим муассасаларини қуриш учун ажратилганини келтириш мумкин. Бу эса келажакда таълим хизматларининг хилма-хиллиги ва уларнинг сифатини оширишга кўмаклашади. Шунингдек, хусусий секторнинг жалб этилиши орқали таълим муассасаларида замонавий ўқитиш усуллари, технологиялар ва дастурлар жорий этилиши мумкин, бу эса ўқувчиларнинг таълим олиш тажрибасини янада бойитади ва уларнинг келажакдаги муваффақиятларига тайёрлайди.
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ошириш мақсадида халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшларнинг харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари йўлга қўйилди (2023 йилда мазкур хизмат йўлга қўйилганидан бошлаб ёшларнинг 35,6 миллиард сўмлик харажатлари қоплаб берилди – 2024 йил 8 агуст ҳолатига кўра 1$ = 12536,61 сум) ва ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 800 турдаги танловлар, мусобақалар ва ўйинлар ўтказилди.
Ёшларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш ҳамда уларнинг юқори даромадли соҳаларда қулай ишлашлари учун шароитлар яратиш мақсадида https://uzbekcoders.uz платформасида АҚШнинг Coursera компанияси курслари ташкил этилди, натижада 215 мингдан ортиқ ёшлар мазкур курсларда қамраб олинди. Шунингдек, спорт билан шуғулланувчи ёшлар сонини ошириш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳаллаларда яшаётган ёшлар ўртасида спортнинг 11 тури бўйича беш босқичли маҳалла-сектор-туман-вилоят-республика даражасида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Глобал инновацион индексдаги паст кўрсаткичлар бўйича аниқ чора-тадбирлар режасининг тасдиқланиши, мамлакатнинг инновацион салоҳиятини оширишга бўлган интилишини кўрсатмоқда. 2023 йилги Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон 132 мамлакатлар орасида 82-ўринни сақлаб қолди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг муҳим жиҳатларидан бири бу соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ҳисобланади. Миллатнинг саломатлиги – унинг фаровонлигининг асосидир. Тиббиётга инвестициялар киритиш, замонавий тиббий марказларни ташкил этиш ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш соғлом ва самарали жамиятни шакллантиришга хизмат қилади. Бу ўз навбатида, фуқароларнинг жисмонан ва руҳан фаровонлигига ғамхўрлик қилишга шароит яратиб беради.
Стратегия доирасида 2023 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида хам сезиларли ишлар амалга оширилди, хусусан оналар ва болалар саломатлилигини мустахкамлаш ҳамда касалликларни олдини олиш мақсадида:
- 8,6 миллион (92%) репродуктив ёшдаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди, 2,2 миллион ҳомиладор ва эмизадиган аёлларга 308 116 қадоқ йод препаратлари, 5,9 миллион 35 ёшгача бўлган аёлларга 636 129 қадоқ темир препаратлари ва 168 389 қадоқ фолий кислотаси берилди;
- 6-23 ойлик 416 655 нафар болалар биринчи босқичда ва 175 592 нафар болалар иккинчи босқичда 53,3 миллион (пакет) микроэлементлар кукунлари, 3-15 ёшдаги 8,4 миллион болалар 847 371 қадоқ йод препаратлари билан таъминланди ва 2-10 ёшдаги 6,3 миллион болалар (99%) дегельминтизациядан ўтказилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ижтимоий адолат ва хилма-хиллик ҳам муҳим ўрин тутади. Жинси, ижтимоий мақоми ёки этник мансублигидан қатъи назар, тенгликни таъминлаш ҳар бир фуқарога ўз салохиятини амалга ошириши мумкин бўлган жамиятни шакллантиришга ёрдам беради.
Ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш мақсадида, 2023 йилнинг 15 октябридан бошлаб 28 та туман (шаҳар)да “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими йўлга қўйилди.
Аёлларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиб бориш ва уларга систематик равишда ечим топиш мақсадида "Xotinqizlar.uz" деб номланган ягона миллий интерактив платформа ишга туширилди. Платформа мавжуд муаммолар бўйича онлайн мурожаатлар қабул қилиш, уларни тегишли давлат идораларига жўнатиш ва ижросини назорат қилиш, зўравонлик вa тазйиқдан ҳимояланиш борасида онлайн психологик маслаҳатларни бериб бориш, аёлларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш, уй-жойини таъмирлаш, уй-жой билан таъминлаш, ижара тўловлари учун компенсациялар тўлаш, ногирон аёлларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа хизматларни кўрсатишни назарда тутади. 2023 йил якунига кўра, ушбу платформа орқали 490 111 та аёллар муаммоси аниқланган бўлиб, улардан 472 458 таси ўз ечимини топди.
Шуни таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг амалга оширилиши таҳлили шуни кўрсатадики, ҳукумат томонидан инсон капиталини ривожлантиришда муҳим қадамлар ташланди, бу эса Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти учун муҳим омилдир. Бу фақат билим ва соғлиққа сармоя киритиш эмас, балки келажакка стратегик сармоядир, унда ақлли, соғлом ва мотивацияга эга инсонлар мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун етакчи куч бўлиб хизмат қилади.
Жамшид Шарипов,
"Тараққиёт стратегияси" маркази бўлими бошлиғи