Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази: Халқаро валюта жамғармасининг баҳолашига кўра, Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳажми $101,6 миллиардни ташкил этди
2023 йилда Халқаро Валюта Фонди олиб борган баҳолаш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг номинал ЯИМ ҳажми 125,6 триллион сўм ($10,7 миллиард)га ошиб, 1 192,2 триллион сўм ($101,6 миллиард)ни ташкил этди.
Бугун, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Статистика агентлиги ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари эксперт ва илмий доираларда муҳокама қилинди. Тадқиқотнинг асосий мақсади Ўзбекистонда “кузатилмайдиган иқтисодиёт” ҳажмини баҳолаш натижаларини муҳокама қилиш ва унинг бошқа макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирини ўрганишдан иборат.
2024 йил 31 июль куни Тошкентда «Ўзбекистондаги норасмий ва яширин иқтисодиётни статистик баҳолаш натижалар» мавзусида Халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбирнинг мақсади Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) техник кўмак миссиялари доирасида олиб борилган таҳлил натижаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирни ташкил этганлар – Статистика агентлиги ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.
Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Статистика агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Солиқ қўмитаси, экспертлари, шунингдек, вазирликлар ва идоралар, “ақлий марказлар”, университетлар, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хақимов, тадбирни очиб, иштирокчиларни Ўзбекистонда иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилди. У норасмий ва яширин иқтисодиётни статистик баҳолашни мавжуд салоҳиятни аниқлаш ва самарали давлат сиёсатини ишлаб чиқиш учун муҳим инструмент сифатида таъкидлади.
«Бу тадқиқотлар фақатгина иқтисоднинг ҳозирги ҳолатини тушунишга ёрдам бермай, балки норасмий секторни легализация қилиш ва расмий иқтисодиётга интеграция қилиш учун шароит яратишга ҳам хизмат қилади», – деди.
Обид Хақимов иштирокчиларни таклиф этилган мавзуларни фаол муҳокама қилишга ва ўз фикрларини бўлишишга чақирди, шунга кўра, биргаликда барқарор иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликни таъминловчи стратегияларни ишлаб чиқиш мумкин.
Статистика Агентлиги директори Баходир Бегалов иштирокчиларга мурожаат қилиб, статистик маълумотларни самарали иқтисодий сиёсат ва барқарор ривожланишни шакллантиришдаги аҳамиятини таъкидлади. Статистика агентлиги директори мамлакат раҳбарияти томонидан статистик маълумотларни йиғиш ва шакллантиришнинг сифати, шаффофлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, шунингдек, бу жараёнда халқаро ташкилотлар томонидан техник ва методологик ёрдам кўрсатилаётганини қайд этди.
Мутахассислар томонидан норасмий иқтисодиётнинг кенг қамровли йўналиш эканлиги қайд этилди. Норасмий ва яширин секторларни инобатга олган ҳолда мароиқтисодий кўрсаткичларни қайта ҳисоблаш натижасида мамлакат иқтисодиётининг тармоқлар бўйича таркибидаги ўзгаришлар муҳокама қилинди.
Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе: «Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида, бу эса узоқ йўл. Биз ўзбек ҳамкасбларимизга статистик ҳисоб-китоб ва таҳлил соҳасида кўмак беришга тайёрмиз. ХВЖ экспертлари томонидан тақдим этиладиган техник кўмак биз учун ҳам манфаатли, чунки бу мамлакатдаги статистика ҳолати ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имконини беради. Бунинг асосида, иқтисодий ривожланиш динамикасини кузатиш имконига эга бўламиз», деб таъкидлади.
Леван Гогоберишвили, реал сектор статистикаси бўйича Халқаро валюта жамғармаси мутахассиси, ўз видео мурожаатида ХВФнинг миллий ҳисоблар статистикаси бўйича Ўзбекистонда ўтказилган техник ёрдам миссиялари натижалари бўйича қисқа хулосаларни тақдим этди.
Мутахассис кузатилмайдиган иқтисодиётни ҳисобга олган ҳолда миллий ҳисобларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади, статистик маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш ва иқтисодиётнинг ҳолати ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, мутахассис 2019 йилда Ўзбекситон миллий ҳисоблари кўрсаткичлари бўйича ўтказилган олдинги қайта кўриб чиқиш натижасида асосий ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги маълумотларига тегишли бўлганини таъкидлади. 2024 йилдаги қайта кўриб чиқиш давомида эса асосий ўзгаришлар кузатилмайдиган иқтисодиёт элементларига тегишли бўлган. Бу соҳаларга қурилиш, меҳмонхоналар ва ресторанлар, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқалар киритилган.
Экспертнинг сўзларига кўра, қайта баҳолашлар натижасида номинал ЯИМ даражаси тахминан 10-12 фоизга ошади. Шу билан бирга, реал ЯИМ ўсиш суръатининг максимал ўзгариши тахминан 0,8 фоиз пунктгачани ташкил этади. «Шунинг учун, бу маълумотларнинг эълон қилиниши миллий ҳисоблар кўрсаткичлари сифатининг сезиларли яхшиланишини таъминлайди», - деди Гогоберишвили.
Мутахассис, шунингдек, миллий ҳисоблар кўрсаткичларининг навбатдаги умумий қайта кўриб чиқилиши 2029 йилда амалга оширилиши мўлжалланганини билдириб ўтди.
Давра суҳбатида Статистика агентлиги Макроиқтисодий индикаторлар ва миллий ҳисоблар бошқармаси бошлиғи Аброрали Мамаджанов макроиқтисодий кўрсаткичлар таркибида норасмий ва яширин иқтисодиётни статистик баҳолаш натижаларини тақдим этди. Унинг қайд этишича, норасмий ва яширин секторлар ҳажмини баҳолаш кенг кўламли таҳлиллар ва аниқ маълумотларни талаб қилади. Сифатли амалга оширилган ҳисоб-китоблар иқтисодий сиёсатни самарали режалаштириш ва асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Мазкур тадбир доирасида норасмий ва яширин иқтисодиётнинг ҳажми ҳамда унинг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсири бўйича ҳисоб-китоб натижалари муҳокама қилинди. Норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш танланма статистик кузатувлар ва маъмурий маълумотлар асосида амалга оширилди.
Тадқиқот республика бўйича 14 та ҳудудда олиб борилди: Хусусан, 2023 йилнинг июль-август ойларида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) техник кўмак миссияси жалб этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 165 та туман бўйича 7 мингдан зиёд уй хўжаликларининг яшаш ва овқатланиш, транспорт, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматларига харажатлари сўровнома асосида ўрганилди.
Йиғилган маълумотлар асосида норасмий ва яширин иқтисодиётнинг ҳажми ҳамда унинг ЯИМ га таъсири соҳалар ва ҳудудлар бўйича 2017-2023 йиллар учун баҳоланди. Бу эса мамлакатда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг кўлами ва унинг умумий иқтисодий фаолиятга таъсирини аниқлаш имконини берди.
Олиб борилган танланма статистик кузатувлар ва ҳисоб-китоблар натижасида ЯИМ ва аҳоли жон бошига ЯИМ каби макроиқтисодий кўрсаткичларнинг қамрови яхшиланди, шунингдек, уларнинг халқаро методологияларга мувофиқлиги таъминланди.
Амалга оширилган ҳисоб-китоблар натижасида 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг номинал ЯИМ ҳажми 125,6 триллион сўмга (10,7 миллиард долларга) ошди ва 1 192,2 триллион сўм (101,6 миллиард доллар)ни ташкил этди.
Муҳокамалар давомида экспертлар маълумотларни халқаро стандартларга (ХВЖ ёки Жаҳон банки методологияси) мувофиқлаштиришнинг аҳамиятини таъкидладилар. Бу бошқа мамлакатлар билан маълумотларни таққослаш, иқтисодий кўрсаткичларни аниқ таҳлил қилиш учун фойдаланишга ёрдам беради.
Давра суҳбати яширин иқтисодиётни соядан чиқариш стратегияларини ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлди. Бу эса, ўз навбатида, макроиқтисодий кўрсаткичлар, жумладан, ЯИМ таркибида кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажмларини тўлиқ акс эттириш бўйича олиб борилган ишларнинг муҳимлигини кўрсатди.
Иштирокчилар давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Бу ҳамкорлик норасмий ва яширин иқтисодиётни соядан чиқариш ва расмий секторга интеграция қилишга ёрдам беради, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг ҳаёт даражасини яхшилашда калит омил бўлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоат билан алоқалар хизмати