Юксак ҳуқуқий маданият – Ўзбекистон тараққиётининг гарови
Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлаш қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига эришишда муҳим ўрин тутади.
Ҳуқуқий маданиятни ошириш масалаларини ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий ва бирламчи манбалари сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги ҳамда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунлар гавдаланади. Таъкидлаб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг биринчисига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида, мамлакатимизда илк бор қонунчилик даражасида ҳуқуқий ахборот ва ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш тушунчаларига юридик таъриф берилди. Демак, эндиликда, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига мувофиқ, ҳуқуқий ахборот деганда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, уларга оид расмий шарҳларнинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришларнинг, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонунчилик қўлланилиши масалалари бўйича қарорларининг матнлари, шунингдек суд амалиётини умумлаштириш материаллари тушунилиши, шу вақтнинг ўзида, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш эса ҳуқуқий ахборотни эркин олиш ва ундан фойдаланиш имконияти сифатида талқин этилиши белгиланди.
Бундан ташқари, айтиб ўтиш жоизки, 2024 йил 27 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, кам таъминланган фуқаролар давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам олиш каби ноёб ҳуқуққа эга бўлдилар.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” фармонининг қабул қилиниши, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишнинг асосий вазифаларини белгилаш имконини берди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гарови, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш каби ҳаётий ғояларини мустаҳкамлаш жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш соҳасида устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Ушбу йўналишдаги ишлар жадаллашиши йўлидаги муҳим ва асосий ҳуқуқий асос сифатида 2018 йил 4 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, агар давлат раҳбарининг биринчи нормавтив-ҳуқуқий ҳужжати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан “фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун кўкрак нишони таъсис этилган бўлса”, иккинчи ҳужжати билан “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшган ҳамда жамиятимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда ташаббускор фуқаролар тақдирланиши белгилаб берилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича қонунчиликни мустаҳкамлашнинг сўнгги янгилиги сифатида 2023 йил 24 майдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинганлиги ҳамда унда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича кейинги ишлар белгилаб берилишини келтириш мумкин. Жумладан, ушбу фармонга мувофиқ, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси амалга оширилиб, унинг доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини узлуксиз оширишга қаратилган қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилиши, мактабларда эса 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб “Ҳуқуқ билимдони” фан олимпиадаси ўтказилиши, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ҳуқуқий тарғибот куни” бўлиши белгиланди.
Хеч шубҳасиз, мамлакатни ривожлантириш мақсадида халқнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга йўналтирилган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар мақсади мамлакатда ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини қуриш ҳисобланади. Шу боис, “Мамлакат келажаги — қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан” каби концептуал ғояни ҳаётга тадбиқ этиш давлатнинг фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш каби мақсад ва вазифаларни бажаришга хизмат қилади.
Насимбек Азизов – Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи;
Диёрбек Ибрагимов – Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси катта ўқитувчиси;
Одилжон Неъматиллаев– Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўқитувчиси.