ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ
Терроризмга қарши кураш ва минтақавий ҳамкорлик
2022 йил 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида “БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” мавзуида ўтказиладиган халқаро конференция ғоят муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. Ушбу глобал анжуман минтақа мамлакатлари ва жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини терроризмга қарши ҳамжиҳатлик билан курашишда бирлаштириш ҳамда фаоллаштириш учун даъват этишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “Ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Биз минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришдик. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари умумий ютуғимиз бўлди”.
Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан сўзлаган ушбу нутқида бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани ҳақида сўз юритар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал аксилтеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилаётганини эътироф этди.
Ўз навбатида, Президентимиз: “Биз ушбу стратегия доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдоримиз”, деб таъкидлади.
Бўлажак Тошкент халқаро анжумани Ўзбекистон Президентининг айни шу ташаббуси доирасида ташкил этилмоқда. Конференциянинг БМТ шафелигида, халқаро ва минтақавий ташкилотлар иштирокида ўтказилаётгани Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат ва унинг жаҳон минбарларидан эълон қилинган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг ҳамда қатъий қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Бугунги кунда Марказий Осиё ҳудуди минтақавий ривожланишнинг барча жиҳатларига – сиёсат ва иқтисодиёт, экология ва маданий-гуманитар мезонларга таъсир кўрсатувчи жиддий геосиёсий ўзгаришлар даврини босиб ўтмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йили Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида қайд этганидек, “Марказий Осиё геостратегик жойлашувига кўра, минг йиллар давомида жаҳон миқёсидаги жараёнлар марказида бўлиб келган. Бизнинг минтақамиз доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб кўприк бўлиб хизмат қилган”.
Бундай ёндашув минтақанинг ялпи сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар манзарасига ижобий таъсир кўрсатмай қолмади. Ушбу сиёсат асосини “Марказий Осиёни хавфсизлик, изчиллик ва барқарор ривожланиш минтақасига айлантириш устуворлиги” ташкил этади. Ҳозирги пайтда минтақамизда, коронавирус пандемиясининг оқибатларига қарамай, ҳамкорликнинг чуқурлашуви бўйича барқарор тенденция кузатилмоқда.
Глобал аксилтеррор стратегияси ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси
БМТнинг 2006 йил 8 сентябрда қабул қилинган Глобал аксилтеррор стратегиясининг тўртта асосий қисмидан биттаси инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланган. Ушбу бўлим “Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон миқёсида ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлигини терроризмга қарши курашнинг асосий таянчи сифатида таъминлаш бўйича чора-тадбирлар” деб номланганини қайд этиш лозим.
Глобал аксилтеррор стратегиясида эътироф этилганидек, терроризмга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошириладиган таъсирчан чора-тадбирларнинг бири бошқасини асло инкор этмайди. Аксинча, улар ўзаро бир-бирини тўлдириб, терроризм жабрдийдаларининг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш учун ниҳоятда зарур ҳисобланади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”даги олтинчи устувор йўналиш “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” деб номлангани бежиз эмас.
Айниқса, ушбу устувор йўналишнинг “Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш” сарлавҳали 82-мақсади муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги вақтда Тараққиёт стратегияси доирасида, жумладан:
- экстремизм ва терроризмни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёт ғоялар таъсирининг олдини олиш ва бундай таъсирга тушиб қолганлар билан тизимли ишлаш орқали уларнинг муаммоларини бартараф этиш;
- аҳоли, айниқса ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш;
- экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда хорижий давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш;
- дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, шунингдек, чет элга узоқ вақтга кетаётган ҳамда яшаб келаётган фуқаролар билан шуғулланувчи бошқа идораларнинг кадрлар салоҳияти ва ресурсларини мустаҳкамлаш;
- хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш;
- фаолияти экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган халқаро ва минтақавий ташкилотларда фаол иштирок этиш;
- Марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида мувофиқлаштириш;
- Марказий Осиёда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берувчи халқаро ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг ролини кенгайтириш;
- дунё ҳамжамияти ва минтақавий ташкилотлар эътиборини Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга жалб қилиш борасидаги ташаббусларни жадаллаштириш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига, шу жумладан экстремизм ва терроризмга қарши курашишга жалб қилиш каби муҳим масалалар доирасида изчил ишлар бошлаб юборилган.
Халқаро конференцияда инсон ҳуқуқлари масалаларига катта эътибор қаратилаётгани, таъбир жоиз бўлса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили билан ўзаро уйғун ва ҳамоҳангдир. Буни анжуман доирасида “Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон миқёсида ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлиги таъминланиши – терроризмга қарши курашнинг асосий таянчи” мавзуси алоҳида сессия мажлисида муҳокама қилиниши кўзда тутилаётгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Мамлакатимиз БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган.
Бундан ташқари, бу борада мамлакатимизда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
БМТ ва Ўзбекистон: терроризмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик
2021 йил 16 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида “Терроризм ва инсон ҳуқуқлари” номли 76/169-сонли резолюция қабул қилинди. Резолюцияда терроризм ҳамда терроризм учун шароит яратадиган зўравонлик экстремизмининг барча хуружлари, усул ва амалиётлари, қайси шакл ва кўринишда юз бериши, қаерда ва ким томонидан содир этилиши, қандай мотивация ё молиявий, моддий ёки сиёсий қўллаб-қувватлаш негизида содир этилишидан қатъи назар, халқаро ҳуқуққа мутлақо мос келмайдиган хатти-ҳаракат сифатида сўзсиз қораланиши таъкидланган.
БМТ Бош Ассамблеясининг Резолюциясида, шунингдек, терроризм ҳамда терроризм учун шароит яратадиган зўравонлик экстремизми инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўла рўёбга чиқаришга ғов бўлишига эътибор қаратилган. Бу салбий омиллар туфайли эса, бир томондан, инсоннинг сиёсий, шахсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини амалга ошириш йўлида тўсиқлар юзага келса, иккинчи томондан, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлиги, ҳукуматларнинг барқарорлиги, ҳуқуқ ва демократиянинг устуворлиги, янада ташвишланарлиси, дунёда фаровон жамиятлар, халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликнинг мавжудлиги улкан таҳдид остида қолади.
Бундан ташқари, 76/169-сонли резолюцияда барча давлатлар ҳукуматларидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачисига унинг зиммасига юкланган вазифа ҳамда мажбуриятларини бажаришида ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши сўралган.
Шу ўринда БМТ Махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайннинг мамлакатимизга 2021 йил 28 ноябрь – 7 декабрь кунлари амалга оширган ташрифи давомида Ўзбекистон томони у билан яқин ҳамкорликда иш олиб боргани ҳақида мухтасар тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Махсус маърузачиси Ф.Ни Аолайнни қабул қилди. Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг БМТ органлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари билан шериклигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма халқаро тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон Президенти билан мулоқоти, шунингдек кенг жамоатчилик иштирокидаги матбуот анжумани ва брифингларда ҳам Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Ф.Ни Аолайн Сурия, Ироқ ва Афғонистондан қайтиб келган шахсларнинг реабилитация марказига ташриф буюрди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги мазкур масканда ўз вақтида “қайноқ нуқта”лардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш учун яратилган шароитлар билан танишди.
“Оила бирлиги ва жамиятнинг қўллаб-қувватлашига асосланган ўзбек модели репатриация қилиш, боланинг манфаатини кўзлаш ва сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳаракатлар марказида ўчоқли ҳудудлардан қайтган аёлларни самарали реинтеграция қилиш бўйича энг яхши амалиёт намунасидир", деди БМТ Махсус маърузачиси.
Жаҳон ҳамжамияти ва Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси
Маълумки, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 47-сессияси доирасида 2021 йил 5 июль куни “Сурия ва Ироқдан олиб келинган аёллар ва болаларнинг реабилитацияси ҳамда реинтеграцияси” мавзуида ташкил этилган онлайн-тадбирда Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Мазкур семинарда Суриянинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган “Ал-Ҳол” ва “Рож” лагерларида қарийб 70 минг инсон – 57 давлат фуқаролари ҳисобланувчи асосан аёллар ва болалар оғир аҳволда сақланаётгани ташвиш билан қайд этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йилдан буён Ўзбекистон Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги аёллар ва болаларни қайтариш бўйича бешта «Меҳр» операциясини ўтказди. Можароли ҳудудлардан мамлакатга жами 531 нафар киши олиб келинди.
Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини можаро зоналаридан, шу жумладан Ироқ ва Суриядан ватанига қайтариш ва реинтеграцияси бўйича ҳаракатларини олқишлади. Бундай саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон каби фаоллик кўрсатган мамлакатлар кам экани эътироф этилди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, бу саъй-ҳаракатлар болаларни жабрланувчилар сифатида тан олишга ҳамда болалар ва аёллар учун гендер масалалари инобатга олинган ҳамжамиятлар даражасидаги реинтеграция дастурлари ёрдамида уларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигига асослангани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Янада муҳими, кучли техник ёрдам кўрсатиш ва инсон салоҳиятини кучайтириш орқали амалга оширилган ушбу саъй-ҳаракатлар инсон ҳуқуқларини амалга ошириш, демократияни ривожлантириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ватанига қайтиб келган болалар, аёллар ва оилаларнинг жамиятга қайтадан интеграциялашуви, бир томондан, уларнинг ижтимоий жиҳатдан яккаланиб қолишига барҳам берса, иккинчи томондан, жамиятда камбағалликни камайтириш орқали тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди.
БМТ Махсус маърузачиси Ф.Ни Аолайн терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги янги ёндашувларни алоҳида қайд этди. Бинобарин, Ўзбекистон халқаро майдонда терроризмга қарши курашда фаол иштирок этмоқда. Халқаро аксилтеррор коалициялар фаолиятини изчил қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, мамлакатимиз БМТ Аксилтеррор қўмитаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази фаолиятида қатнашиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент халқаро конференциясида БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг ноёб тажрибаси тақдим этилади.
Шунингдек, анжуманда терроризмга қарши кураш борасидаги халқаро ва минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда БМТнинг ролини кенгайтириш ва давлатлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ушбу мураккаб жараёнларда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш истиқболлари кенг муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
23.02.2022
“Янги Ўзбекистон” газетаси