Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси хабари

Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турган юртдошларимизга қуйидагиларни маълум қилади.
Айни вақтда Дубай шаҳрида вазият нисбатан барқарорлашган бўлиб, ҳаво ҳудуди очилгани сабабли Дубай–Тошкент йўналиши бўйича авиақатновлар “UzAirways”, “CentrumAir” ҳамда “Qanotsharq” авиакомпаниялари орқали босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, 5 - 6 март кунлари “UzAirways”, 6 март куни “CentrumAir” авиакомпанияси рейси Тошкентга бўш жойлар билан қайтган.
Шу билан бирга, ўтган кунлар давомида “FlyDubai” ва “Air Arabia” авиакомпаниялари орқали чипта олиб, турли сабабларга кўра рейслари бекор қилинган ёки кечиктирилгани натижасида Дубай шаҳрида қолиб кетган юртдошларимиз ўз туроператорлари ёки авиакомпаниялар билан алоқага чиқиб, кунлик қўйилаётган рейслар орқали Ўзбекистонга қайтиш имкониятидан ҳам фойдаланишлари мумкин.
Бош консулхона ходимлари юртдошларимизнинг мурожаатларини қабул қилиш, зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида туну кун ишлашда давом этмоқда.
Юртдошларимиздан вазият юзасидан фақат расмий манбалар орқали тарқатилаётган ахборотларга таянишларини, тасдиқланмаган маълумотлар ва турли миш-мишларга ишонмасликларини сўраймиз.
Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси.