«Dubai Expo–2020»: АҚШ компанияси билан алкилбензоллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Дубайда давом этаётган «Expo–2020» Бутунжаҳон кўргазмасидаги Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида «Uzbekistan GTL» вакиллари АҚШнинг «Honeywell UOP» делегацияси билан учрашув ўтказди.
Бизнес-тадбирда ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
АҚШ томонига Ўзбекистондаги GTL заводи негизида қуввати йилига 100 минг тоннагача чизиқли алкилбензоллар ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Янги ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида GTL керосин ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган оралиқ маҳсулотлар хизмат қилади.
Энергетика вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, бизнес-учрашув якунлари бўйича томонлар «Uzbekistan GTL» заводи негизида алкилбензоллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандумни имзолади.
Мазкур ҳужжат «Uzbekistan GTL« ва «Honeywell UOP» ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш билан бирга янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича техник-иқтисодий, лицензиялаш ва бошқа ҳужжатларни биргаликда ишлаб чиқишни назарда тутади.
Қайд этиш жоизки, «Honeywell UOP» – АҚШдаги нуфузли компаниялар сирасидан. У нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё ва газни қайта ишлаш саноатлари учун қайта ишлаш технологиялари, катализаторлар, адсорбентлар, ускуналар ва консалтинг хизматларини етакчи халқаро етказиб берувчиси ва технологиялар лицензиаридир.