Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари Бирлашган Араб Амирликларидаги халқаро кўргазмада иштирок этмоқда
Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтаётган «Gulf Food-2022» халқаро озиқ-овқат кўргазмасида Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма дунёдаги энг йирик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ўз атрофига бирлаштириши билан эътибор қозонган.
«Gulf Food-2022»да Марказий Осиё минтақасидан фақат Ўзбекистон миллий услубда безатилган алоҳида павильони билан иштирок этмоқда. Кўргазмада Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) ҳузуридаги Экспортга кўмаклашиш агентлиги, ИТСВнинг БААдаги ваколатхонаси ҳамда мамлакатимизнинг Дубайдаги Бош консулхонаси кўмагида 20 дан ортиқ компания ва корхона ўз маҳсулотларини намойиш этаётир.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз павильони пештахталаридан жой олган озиқ-овқат маҳсулотларига кўргазма ташкилотчилари ҳамда дунёнинг турли бурчакларидан келган салоҳиятли харидорлар томонидан катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ушбу халқаро тадбир доирасида хорижий ҳамкорлар билан қатор шартномаларни имзолаш режалаштирилган.